Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг одоб-ахлоқ ҚОИДАЛАРИ

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг

тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият

юритувчи ходимларнинг одоб-ахлоқ

ҚОИДАЛАРИ

 

Мазкур қоидалар (бундан буён матнда одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил
2 мартдаги 62-сон “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг одоб-ахлоқи, хулқ-атвори,
ўз хизмат вазифаларига виждонан муносабатда бўлиши, уларни оғишмасдан
ва юксак касбий даражада бажариш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Одоб-ахлоқ қоидалари вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот
ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги
хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

2. Одоб-ахлоқ қоидалари вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот
ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар томонидан бўладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларнинг содир этилиши сабаб
ва шарт-шароитларини бартараф этишга, вазирлика ходимларининг юксак ҳуқуқий онги, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

3. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларга ишга кираётган ҳар бир шахс одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирилган ҳолда таништириладилар.

4. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар қонун ҳужжатлари ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ходимларнинг касбий фаолиятини
ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

 

2-боб. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда

фаолият юритувчи ходимларнинг хизмат вақтидаги хулқ-атворининг

асосий принциплари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

5. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

а) қонунийлик;

б) фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

в) ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик;

г) давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

д) адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

е) манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар давлат харидларини амалга оширишда иштирок этганда, касбга доир ва хизматдан ташқари фаолиятида ҳам мазкур принципларга амал қилиши шарт.

6. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

а) амалдаги қонун ҳужжатларида, жамоа ва меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шарт-шароитларини яратишни талаб қилиш;

б) белгиланган вазифалар учун вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлашни талаб қилиш;

в) меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унга етказилган зарар учун ҳақ тўланишини талаб қилиш;

г) амалдаги қонун ҳужжатларига, жамоа ва меҳнат шартномасига мувофиқ дам олиш, кафолатли ва бадал тўловлари тўланишини талаб қилиш;

д) ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили берилиши бўйича мурожаат қилиш;

е) ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги сабабли ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда ижтимоий ҳимоя қилинишини талаб қилиш;

ж) жамоаларга доир меҳнат низоларида ўзининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

з) Вазирликнинг бошқарма ва бўлимлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасалар таркибий бўлинмалари фаолияти доирасидаги масалалар бўйича вазирга таклифлар киритиш.

7. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар қуйидагиларга мажбур:

а) хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;

б) ўз хизмат вазифаларини виждонан ва юксак касбий даражада бажариш;

в) юқори давлат органлари ва вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот
ва муассасалар раҳбариятининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини, берган топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

г) ўз фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатлари ва ички ҳужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

д) ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар
ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

е) ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;

ж) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

з) ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;

и) Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар
ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

к) ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атворидан ўзини тийиш, шунингдек, ўз обрўсига
ёки вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларнинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

л) хизмат мавқеидан вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасалар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;

м) вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш;

н) давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик.

8. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг қонун ҳужжатлари талабларини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар асос бўла олмайди.

9. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимларга ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача
наф кўриш тақиқланади.

10. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходим ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек, бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

11. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотларнинг сақланиши ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

12. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилот ва муассасалар раҳбарияти ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик
ва адолатда ўрнак бўлиши, вазирликда ёхуд унинг таркибий ёки ҳудудий бўлинмаларида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, улар бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришни талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассаса раҳбарияти кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. Улар гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассаса раҳбарияти ўзига бўйсунувчи ходимлар томонидан қонун ҳужжатларининг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр
ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

13. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассаса раҳбарияти қуйидаги вазифаларни бажариши шарт:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши;

коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

ходимларни самарали бошқариши;

ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассаса раҳбарияти ўзига бўйсунувчи ходимларнинг хизмат вазифаларини ва хулқ-атвор принциплари бузаётган хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслик чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

14. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар жамоадаги ҳамкасблари билан ўзаро хушмуомалали, одобли, эътиборли бўлиши, фуқаролар билан муносабатда бўлганда сабр-тоқатли, уларни ҳурмат қилиши шарт. Улар жисмоний тарбия ва спорт тизими ходимларига
ва бошқа фуқароларга нисбатан асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари
ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ташқи кўриниши, кийиниш маданияти, фуқароларнинг вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши керак. Улар вазминлиги
ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши ҳамда хизмат вазифаларини бажариш вақтида алкоголли ичимликлардан, гиёҳвандлик ёки токсик моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келиши таъқиқланади. Шу куни ишга келган ходим ишга қўйилмайди.

15. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

 

3-боб. Манфаатлар тўқнашуви

 

16. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасалар ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек, улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларда бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга
эга бўлишни ўз ичига олади.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасалар давлат харидларини амалга оширишда махсус ахборот портали операторининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлиши мумкин бўлган исталган шахсий нафни бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.

Улар шахсий манфаатдор эмаслигини, шунингдек ўз оила аъзоларининг манфаатдор эмаслигини кафолатлаши керак, акс ҳолда шахсий манфаатдорлик ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида зиддият юзага келади ёки келиши мумкин, манфаатларнинг исталган потенциал, тахмин қилинаётган ёки мавжуд тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор этилишини кафолатлаши керак.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларнинг масъул шахслари, харид комиссияси аъзолари томонидан давлат харидларини амалга оширишда иштирокчилар ҳамда ижрочилардан моддий ва номоддий бойликларни олиш тақиқланади.

Мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар топган, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари
бу ҳақда бевосита раҳбарга хабар қилиб, бир вақтнинг ўзида ваколатли органни хабардор этиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар унинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича
ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

17. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги керак.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимлар ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас. Улар ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

18. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимлар лавозимига тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасаларга давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этувчи лавозимларга ишга қабул қилишда уларнинг касбий тайёргарлиги одоб-ахлоқ комиссияси томонидан текшириб кўрилади ва уларни ишга қабул қилиш жараёнида билимларини синаб кўриш билан боғлиқ қўшимча талаблар қўйилиши мумкин.

 

4-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларини

бузганлик учун жавобгарлик

 

19. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

20. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

21. Ушбу одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқа тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан вазирлик раҳбариятига одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги ва уни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритилади.
Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, одоб-ахлоқ комиссияси вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада ходимига нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда муассасада фаолият юритувчи ходимлари ўзи йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

22. Одоб-ахлоқ қоидаларида акс эттирилмаган масалалар юзасидан вужудга келган муаммоли вазиятлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

23. Одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади

Saytning oxirgi yangilanishi:
13.12.2019 | 13:26
Onlayn maslahatchi
Mening fikrim

Biz bilan bog'lanish

  • "Ishonch telefoni" raqami:
  • "Yagona telefon" raqami:
  • Ish kunlari (shanba va yakshanbadan tashqari) 9:00 dan 18:00 gacha (tushlik 13:00 dan 14:00 gacha)
  • "Ishonch telefoni" orqali murojaatlarni ko'rib chiqish yo'riqnomasi.
  • "Yagona telefon" orqali murojaatlarni ko'rib chiqish yo'riqnomasi.
  • Yuridik manzil: O‘zbekiston, Toshkent shahar, Abdulla Qodiriy 2-uy
  • E-mail: info@goskomsport.uz
  • Telefon:
  • Faks:
  • Mo'ljal: Oloy bozori
  • Transportlar:
    • Avtobuslar: 85,51
    • Marshrut taksilar: 17, 62, 95, 152, 153, 169