2017 YIL YAKUNLARI BO'YICHA STATISTIK TAHLILIY MA’LUMOT

2017 ЙИЛ ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА СТАТИСТИК ТАҲЛИЛИЙ МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, мамлакатимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш натижадорлигини оширишга қаратилган вазифалар йилнинг ҳаракатлар стратегиясида асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ушбу вазифаларни амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3031-сон қарори қабул қилиниб, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2021 йилларда жами 167 та спорт иншоотлари, жумладан 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш, ушбу ишлар учун 706,2 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, мазкур дастур асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳудудий дастурлари қабул қилинди.

Ҳудудий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2017 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 153 та болалар майдончалари таъмирланди, 232 та замонавий ва хавфсиз болалар майдончалари намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳрида жорий йилнинг 19 сентябрь куни спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Вилоят, шаҳар ва туман марказларида, қишлоқларда, маҳаллаларда, истироҳат боғларида спорт билан шуғулланишга яратилган шароитлар туфайли аҳолининг кенг қатламлари ўртасида 8 мингдан ортиқ оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 1,4 млн.нафардан зиёд (шундан 605 964 нафари хотин-қизлар) ўқувчи-ёшлар жалб этилди.

Яратилган шароитлар, кўрилаётган аниқ чоралар натижасида 2016 йилнинг 9 ойига нисбатан 2017 йилнинг шу даврида ўтказилган тадбирлар сони 21 фоизга, иштирокчилар сони эса 19 фоизга (шундан қизлар сони 14 фоизга) ошишига эришилди.

Шунингдек, “Соғлом она-соғлом бола”, “Аёллар спорт фестивали” спорт тадбирлари ўтказилиб, тадбирларга 100 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролари ва ёшлар жалб этилди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 2017 манзилли дастурига мувофиқ 39 та иншоотда, шулардан 25 та янги иншоотни қуриш, 13 та мавжуд спорт иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда 1 та иншоотни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

 

Бугунги кунга қадар дастурга мувофиқ 4 та, жумладан Урганч шаҳридаги спорт мажмуаси янгидан қурилиб, Нукус шаҳридаги спорт маркази, Гулистон ва Нукус шаҳарларидаги спортнинг сузиш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. Қолган спорт иншоотларини
ўз вақтида фойдланишга топшириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

2017 йилда фойдаланишга топшириладиган спорт иншоотлари, сузиш ҳавзаларини белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқ зарур спорт ускуналари ва анжомлари билан ўз вақтида жиҳозлаш бўйича маҳаллий ишлаб чирувчилар билан 3,5 млрд.сўмлик шартномалар имзоланди. Корхоналар томонидан спорт ускуналари ва анжомлари босқичма-босқич жойларга етказиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2779-сонли қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқарув органлари ташкил этилиб, улар таркибида ҳар бир туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ва спорт бўйича вакиллар жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги ПФ-4956-сон фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, спорт йўналиши бўйича 281 та спорт мактаби ва 28 та спорт йўналишидаги мактаб-интернатлари Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди. Бу ўз ўрнида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техник базани ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этишни алоҳида назорат қилиш имконини яратди.

Болалар-ўсмирлар спорт мактабларида аввалги йилларда спортнинг олимпия турлари бўйича йўналишлар сони битта спорт мактабида ўртача 5 тадан 7 тагачани ташкил этган бўлса, жорий йилдан бу кўрсаткич 10-12 тага етди ҳамда спорт турлари билан шуғулланувчилар сонининг 5,2 фоизга ортишига эришилди.

Республикада жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш учун зарур моддий-техник базани яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
10 августдаги ПҚ-3197-сонли қарори
га асосан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрига кўчирилди. Бу ўз навбатида спортчиларни тайёрлаш ва ўқитишга қаратилган инфратузилма, замонавий спорт шаҳарчасини барпо этиш имкониятини яратди.

Мазкур қарор билан бир неча йиллардан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳисобланган спортчиларнинг бир вақтда олий таълим муассасаларида таҳсил олиши билан боғлиқ бўлган муаммолар, доимий дарсларга қатнашиш, давомат, 2-6 ойлик спорт машғулотларида бўлиш, ўзлаштириш муаммоларига ечим топилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб сиртқи бўлим ташкил этилди.

Спорт ташкилотлари, таълим ва спорт таълими муассасаларини юқори малакали мураббийлар ва спорт мутахассислари билан таъминлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги 329-сонли қарорига асосан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошида жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилиб, тренер-ўқитувчиларни малакасини ошириш, шу жумладан болалар тренерларини тайёрлаш, уларнинг кўникма ва билимларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастурлари ва методлар жорий қилинди.

Марказда ҳозирги кунга қадар 449 нафар ходимларнинг малакаси оширилди. Соҳада фаолият юритаётган тренер-ўқитувчиларнинг сифат таркиби ўзгариб, 2017 йилда олий маълумотли тренер-ўқитувчилар сони 408 нафарга ошди.

Спорт соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 майдаги ПФ-5043-сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги 720-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг 2 та Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори ва 68 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган 9 та қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган ПҚ-3057-сонли қарори юртимизда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш орқали наслдор, спорт ва хизмат отларини кўпайтириш ва парваришлашнинг замонавий усулларини ташкил этиш, миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш, от спорти клубларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 2 октябрь куни “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3306-сонли қарори қабул қилинди. 6 сентябрь мамлакатимизда “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида белгиланди.

2017 йил давомида спорт соҳаси билан боғлиқ 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар янгидан ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Жумладан, Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги, Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш, уларни спорт турлари реестрига киритиш ҳамда ушбу реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низомлар, Ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкиллаштириш ва назорат қилиш тартиби ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда юксак маҳоратли спортчилар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 733-сонли қарорига муофиқ, республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари штатлар жадвалига “спортчи” лавозими киритилди.

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларида юксак натижаларга эришган, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчилар ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш, халқаро спорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жаҳонда Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксалтириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги ПҚ-3196-сонли қарори қабул қилинди.

Юқоридаги каби ҳужжатларнинг қабул қилиниши, спортчиларга яратилган шароитларнинг янада яхшиланиши Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва юксак марраларни забт этишга қодир маҳоратли спортчилар тайёрлаш тизимига ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Спортнинг олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ўтказилган 54 та ўқув-машғулот йиғиниларида 272 нафар (шудан 134 нафари аёллар), 235 та халқаро мусобақаларда 2 275 нафар (шундан 739 нафари аёллар) спортчилар иштирок этишиб, 483 та олтин, 394 та кумуш, 536 та бронза, жами 1 413 та медаллар қўлга киритилди.

 

2017 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатида, Самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ва жанговор самбо бўйича Осиё чемпионатида юртимиз вакиллари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни, дзюдо бўйича катталар ўртасида гран-при халқаро турнирида 2-ўринни, парадзюдо бўйича Осиё ва океания чемпионатида 3-ўринни, Ашхобод шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионатида 3-ўринни, ёпиқ спорт иншоотларида жанг санъатлари бўйича ўтказилган V Осиё ўйинларида 131 та медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.

Баку шаҳрида ўтказилган IV “Ислом бирдамлиги” ўйинларида иштирок этган 103 нафар миллий терма жамоа аъзоларимиз 63 та меддаларни қўлга киритиб, комплекс мусобақаларда янги рекорд ўрнатди.

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида Шахрам Гиясов 1-ўринни, дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон биринчилигида Диёрбек Урозбоев 2-ўринни, таэквандо-ВТФ бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Мамадибрагимова Динарахон 3-ўринни эгаллашди.

Шу билан бирга, III ўсмирлар Олимпия ўйинларида (Аргентина) қатнашиш учун оғир атлетика бўйича 3 та, эшкак эшиш бўйича 2 та лицензиялар қўлга киритилди.

Жорий йилда ўтказилган йирик нуфузли спорт мусобақаларида оғир атлетикачимиз Рустам Жангабаев, пара-атлетикачимиз Александр Свечников найза улоқтиришда жаҳон рекордини янгилади. Дўсматов Хасанбой Осиё чемпионатининг “Энг яхши боксчиси” деб топилди.

Нуфузли халқаро мусобақаларда юқори ўринни қўлга киритган спортчиларимиз Президентимиз томонидан муносиб рағбатлантирилди.

2017 ЙИЛ ЯКУНЛАРИ.doc

Saytning oxirgi yangilanishi:
25.02.2020 | 16:39
Onlayn maslahatchi
Mening fikrim

Biz bilan bog'lanish

  • "Ishonch telefoni" raqami:
  • "Yagona telefon" raqami:
  • Ish kunlari (shanba va yakshanbadan tashqari) 9:00 dan 18:00 gacha (tushlik 13:00 dan 14:00 gacha)
  • "Ishonch telefoni" orqali murojaatlarni ko'rib chiqish yo'riqnomasi.
  • "Yagona telefon" orqali murojaatlarni ko'rib chiqish yo'riqnomasi.
  • Yuridik manzil: O‘zbekiston, Toshkent shahar, Abdulla Qodiriy 2-uy
  • E-mail: info@goskomsport.uz
  • Telefon:
  • Faks:
  • Mo'ljal: Oloy bozori
  • Transportlar:
    • Avtobuslar: 85,51
    • Marshrut taksilar: 17, 62, 95, 152, 153, 169